Ис гази туфайли ўлимлар кўпайгани ортидан ФВВ Ёнғинга қарши курашиш бошқармаси фаолияти тубдан ислоҳ қилинади

Жорий йилнинг ўтган даврида рўй берган 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этган, 190 нафари заҳарланган ва куйиш тан жароҳатини олган. Бу ҳақда қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича 16 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев билдирган.

Давлат раҳбари ёнғинга қарши профилактика ишларини кучайтириш бўйича топшириқлар берган.

“Бош вазир Абдулла Арипов Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғинга қарши курашиш бошқармаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни тубдан ислоҳ қилиш ва янги тизим яратиш юзасидан таклиф бериши керак”, дея иқтибос келтирган Ш. Мирзиёев сўзларидан маҳаллий матбуот.

Йиғилишда бугундан бошлаб ижтимоий соҳа объектлари, айниқса, меҳрибонлик ва мурувват уйлари, мактаб, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасаларида ёнғинга қарши профилактика ишларини ўтказиш, уларнинг тайёргарлик жараёнларини янада кучайтириш чораларини кўриш лозимлиги таъкидланган.

Бош вазир ўринбосарига мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар этиб, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича вазифалар қўйилган.

Ўзбекистонда қиш мавсумида ҳар йили юзлаб одамнинг ис газидан заҳарланиши катта муаммо бўлиб қолаётгани ҳақида Озодлик аввал бир неча бор хабар берган.