Бош прокуратура Бувайдада уч кунлик келин-куёв ўлимида уларнинг ўзини айбламоқда

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг билдиришича, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида уч кунлик келин-куёвнинг ис газидан ўлгани юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура келин-куёвнинг ис газидан заҳарланиб ўлишига уларнинг ўзлари айбдор экани тўғрисидаги хулосани ёйинлади: “Мутахассис томонидан хонадонда мавжуд бўлган иситиш мосламаси ностандарт ҳолатда ўрнатилганлиги ҳақида хулоса берилган”, дейилади прокуратура баёнотида.

Бош прокуратура аҳолини “бундай кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида газ ускуналаридан ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда ёнғин ва хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш”га чақирган.

24 ноябрь куни Фарғона вилояти Бувайда туманидаги “Ўрта Қўнғирот” МФЙ, Қўрувчилар кўчасида уч кун олдин турмуш қурган келин ва куёв ис газидан заҳарланиб ўлгани тўғрисида хабар берилган эди.

10 ноябрдан 20 ноябргача ўтган 10 кун ичида Ўзбекистонда камида 9 киши ис газидан заҳарланиб вафот этган. 24 ноябрда эса Бувайдадаги ўлим ҳисобида уларнинг сони камида 11 кишига етди.

Бундан аввал Наманганда қайнона, келин ва набира, Қашқадарёда 17 ёшли қиз, Хоразмда ижарада турган икки йигит, Жиззахда қария аёл ва унинг икки набираси ҳамда Бухорода 2-синф ўқувчиси ис газидан ҳалок бўлгани расман билдирилган.

Ўзбекистонда қиш мавсуми бошланиши билан “ис газидан заҳарланиш” ҳолатлари кўпайишини кузатиш мумкин. Бунинг натижасида мамлакатда ҳар йили юзлаб одам нобуд бўлади.

Мавзуга алоқадор Янги йилнинг 40 кунида 36 киши ис газидан ҳалок бўлди

Мутахассислар аввалроқ бу каби ҳодисаларга фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш сабаб бўлаётганини билдиришган. Аммо йиллар ўтгани сари бу муаммо бартараф этилиши ўрнига кучайиб бормоқда.

9 февраль куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан 8 февралигача ис гази билан боғлиқ 21 ҳолат қайд этилгани, уларда жами 36 киши ҳалок бўлгани ва 19 киши заҳарлангани тўғрисида билдирган.

Вазирлик расмийси ўтган йили ис гази билан боғлиқ 74 та ҳолат аниқланганини, ис газидан 128 киши ўлгани ва 67 киши заҳарланганини айтди.

2020 йилнинг 16 декабрида ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев бир йилда 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарлангани ва куйиш тан жароҳатини олганини таъкидлаган.

Ўша йиғилишда президент Бош вазир зиммасига ФВВ Ёнғинга қарши курашиш бошқармаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни тубдан ислоҳ қилиш ва янги тизим яратиш юзасидан таклиф бериш вазифасини юклаган эди.