Испанияда аномал иссиқ туфайли 360 киши нобуд бўлди

Испания жамоатчилик соғлиғини сақлаш институти мамлакатда кузатилаётган аномал иссиқ 360 кишининг ўлимига сабаб бўлганини маълум қилди. Ўлимлар сони ўтган жума куни чўққига чиққан – ўшанда жазирама туфайли 123 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Аномал ҳарорат Европа жанубида 8 июлдан бери давом этиб келмоқда, Испаниянинг айрим ҳудудларида ҳарорат +45 даражагача етган.

Иссиқ тўлқини Португалияда ҳам кузатилган: мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 7 июлдан 13 июлгача иссиқ туфайли 238 киши вафот этган. Уларнинг аксарияти сурункали касаллиги бўлган қариялар экани айтилмоқда. 14 июль куни Португалияда ҳарорат +47 даражагача кўтарилган.

Жазирама туфайли Британиянинг айрим ҳудудларида, шу жумладан Лондон, Йорк ва Манчестер шаҳарларида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.