Саккиз миллион аҳоли яшайдиган Исроилда 500 минг киши суд ислоҳотига қарши норозилик намойиши ўтказмоқда. Бу Исроил тарихидаги энг катта намойишдир.
Ахборот агентликларининг билдиришича, намойишлар 10 кундан бери давом этмоқда. Бинямин Нетаняҳу ҳукумати таклиф қилаётган ислоҳотга кўра, парламентдаги кўпчилик Олий суд судяларини танлаш ҳуқуқига эга бўлади ва судлар ҳукумат қарорларини бекор қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Норозилар бундай ислоҳот ортидан суд мустақиллигини йўқотади деб ҳисобламоқда.
Ўтган йилнинг декабрида яна бир бор бош вазирликка сайланган Бинямин Нетаняҳу эса норозиларнинг мақсади уни истеъфога кетишга мажбурлаш эканини айтмоқда. Норозилардан айримлари ҳақиқатан ҳам бош вазир истеъфосини талаб қилмоқда. Нетаняҳу ўз сиёсий фаолияти давомида олтинчи марта бош вазир бўлди. Айни пайтда Нетаняҳуга қарши коррупция айблови билан учта жиноят иши очилган. Лекин Нетаняҳу бу айбловларни тан олмаган.
Бош вазир суд ислоҳоти ҳукумат бутоқлари ўртасида мувозанатни юзага келтиради, деб ҳисоблайди. Исроил мухолифати, жумладан, собиқ бош вазир Яир Лапид қонун лойиҳасини тўлиғича бекор қилиш ёки уни қайта ишлаб чиқиш учун мухолифат тарафдорларини жалб қилишни талаб этмоқда.
Исроилда 500 минг киши суд ислоҳотига қарши митингга чиқди
Исроил тарихидаги энг катта намойиш 10 кундан бери давом этмоқда.