Исроил президенти Ицхак Герцог мамлакатда оммавий норозиликлар юзага келишига сабаб бўлган суд ислоҳотини тўхтатишга чақирди. Унга кўра, ҳозирги кунда мамлакат хавфсизлиги, иқтисодиёти ва жамияти хавф остида турибди.
Герцог Исроил парламентидаги барча фракцияларини фуқаролар манфаатини ҳамма нарсадан юқори қўйишга чақирган.
“Ақлингизни йиғиб олинг! Бу сиёсат қиладиган вақт эмас, лидерлик ва масъулият лаҳзасидир”, деган Исроил президенти.
Исроилда судьяларни лавозимга тайинлаш бўйича парламентдаги кўпчиликка янада каттароқ ваколатлар бериши айтилаётган суд ислоҳотига қарши акциялар 12 ҳафтадан буён давом этмоқда. Норозилар фикрича, мазкур ислоҳот демократияга зиддир.
26 март куни мудофаа вазири Йоав Галант ҳам юзага келган вазиятни мамлакат хавфсизлиги учун таҳдид деб атаб, ислоҳот жараёнини тўхтатиш таклифи билан чиққан. Вазир таклифини мухолифат лидери, собиқ бош вазир Яир Лапид дастаклаган. Бунинг ортидан амалдаги бош вазир Бинямин Нетаняҳу Йоав Галантни мудофаа вазири лавозимидан истеъфога кетишини эълон қилган.
Бу воқеалар манзарасида Исроилда якшанба куни ҳам йирик норозилик акцияси ўтказилган. Турли ҳисоб-китобларга кўра, унда 600 мингдан 700 минг нафаргача киши иштирок этгани айтилмоқда.
Cўнгги хабарларга кўра, 27 март куни бош вазир Нетаняҳу парламентдаги ҳукмрон коалиция лидерларига оммавий норозиликлар туфайли суд ислоҳотини тўхтатмоқчи эканини билдирган. Бироқ ислоҳот тўхтатилиши ҳақида ҳали расман эълон қилингани йўқ.