Истанбул мэри Имомўғли қамалди, ўзбек консулхонаси ватандошларни намойишга чиқмасликка чақирди

Экрем Имомўғли

Истанбулда суд Марказий сайлов комиссияси вакилларини ҳақорат қилгани учун шаҳар мэри Экрем Имомўғлини икки йилу етти ойга озодликдан маҳрум қилди. Суд ҳукми билан унга беш йил давомида сиёсий фаолият билан шуғулланиш ҳам тақиқланган.

Имомўғли Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга мухолиф бўлган ва бўлажак сайловларда у билан рақобатлаша оладиган сиёсатчилардан бири бўлиб ҳисобланади.

Суд Имомўғлининг 2019 йилда айтган сўзларини “МСК вакилларини таҳқирлаш” деб топган. Ўшанда у Истанбул мэри сайловида иштирок этиб, ҳукмрон партия номзоди Бинали Йилдиримни мағлубиятга учратган. Бироқ сайлов комиссияси аъзолари овоз бериш жараёнида сохталаштиришларга йўл қўйилгани важи билан сайловни бекор қилишган. Имомўғли қайта сайловда ҳам ғалаба қозонган ва ўша пайтда сайлов комиссияси аъзоларини “овсарлар” деб атаган – суд эса 2022 йилга келиб бу сўзни “жиноят унсури” ўлароқ малакалаган. Туркия қонунчилигида ҳокимият вакилларини ҳақорат қилиш учун тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Экрем Имомўғли Туркиядаги мухолифатнинг етакчи партияси бўлмиш Жумҳурият халқ партияси (CHP) номзоди бўлиб ҳисобланади. Дунёвийликни ўзига мезон билган мазкур партияга республиканинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк томонидан асос солинган. Ундан аввал ўтган 25 йил давомида Истанбул муҳофазакор партиялар вакиллари томонидан бошқарилган. Имомўғли кейинги йил ёзида Туркияда бўлиб ўтадиган президент сайловида Эрдўғоннинг муҳтамал рақибларидан бири ўлароқ кўрилаётганди.

Экрем Имомўғлига қамоқ жазоси тайинланганидан кейин Туркиянинг Истанбул шаҳри ва бошқа жойларида CHP тарафдорларининг норозилик акцияларига чиқиши эҳтимоли юзага келган. Бунинг ортидан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркиядаги ватандошларга мурожаат билан чиққан.

“Шахсий хавфсизлигингизга эътиборли бўлган ҳолда сизлардан турли хилдаги кўпсонлик йиғилиш ва намойишларда иштирок этмаслик ҳамда уларда қатнашишга даъват этиш орқали тарғибот юритмасликка чақириб, бундай ҳаракатлар қонуний жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирамиз”, дейилган консулхона мурожаатида бу огоҳлантирувга нима сабаб бўлгани очиқланган эмас.