Milliyet: Истанбулда Россия, Украина ва БМТ вакиллари учрашади

Украина ва Россия делегацияси сўнги марта 29 март куни Истанбулда учрашган эди.

Кейинги ҳафтада Истанбулда Россия, Украина, Туркия ва БМТ вакиллари учрашиб, Украинадан дон маҳсулотларини олиб чиқиш масаласини муҳокама қилади. Бу ҳақда Туркиянинг Milliyet газетаси президент маъмуриятидаги ўз манбаларига таянган ҳода хабар берди.

Ҳозирча музокара гуруҳларининг таркиби маълум эмас. Газета учрашувда Туркия президенти Эрдўғон ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирок этиши мумкинлигини билдирди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Украинадан дон маҳсулотларини олиб чиқиш масаласида Туркия ўртамчилик қилаётганини тасдиқлади ва бу борадаги музокаралар Мудофаа вазирлиги томонидан олиб борилишини айтди.

БМТ матбуот хизмати учрашув қайси куни ўтиши тўғрисида аниқ маълумот бермади. Украина ҳукумати ҳам бу хабарга изоҳ бермади.

Украина дон маҳсулотлари экспорти бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди. 2021 йилда мамлакат жаҳонга 45 миллион тонна ғалла экспорт қилган.

Айни пайтда Украинада 22 миллион тоннага яқин дон маҳсулотлари Россия Қора денгизни қамал қилгани ортидан экспорт қилинмай қолиб кетмоқда.

БМТ вакили Маурицио Мартина Россиянинг Украинага уруш очиши оқибатида жаҳонда очликка маҳкум одамлар сони 18 миллион кишига кўпайганини ва 218 миллионга етганини билдирган эди.