Истанбулда тожикистонлик мухолифат фаоли қўлга олинди

Насим Шарипов

Истанбул шаҳрида Тожикистонда фаолияти тақиқланган “Гуруҳ 24” ҳаракати фаоли Насим Шарипов қўлга олинди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Мухолифат ҳаракати хабарномасига мувофиқ, 30 декабрь куни фуқароча кийинган турк полициячилари Шариповнинг уйига келиб, қўлига кишан уриб, номаълум томонга олиб кетишган.

Мухолифатчининг ҳибсга олиниши сабаби аниқ эмас, бироқ “Гуруҳ 24” раҳбарияти унинг мухолифат ҳаракати аъзоси бўлгани учун Тожикистон ҳукумати сўровига биноан қўлга олинганини истисно этмаган.

Насим Шарипов 2015 йилдан бери Туркияда яшаб, тадбиркорлик билан шуғулланиб келади, дея маълум қилган “Гуруҳ 24”.

Ҳаракат раҳбарлари Насим Шариповни озод этишга кўмаклашишни сўраб халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотларига мурожаат қилишган.

Насим Шарипов 2018 йил 19 мартида ҳам Истанбулда маҳаллий полиция тарафидан қўлга олинган эди. Ўшанда Тожикистон ИИВ Шарипов ва унинг “Гуруҳ 24”даги сафдоши Суҳроб Зафар Душанбе сўровига кўра қўлга олинганини билдирган. Аммо пировардида Туркия мухолифатчиларни Тожикистонга экстрадиция қилишдан бош тортган.

“Гуруҳ 24” гуруҳи 2014 йилда Тожикистон Олий суди томонидан экстремистик ташкилот деб топилиб, мамлакат ҳудудида тақиқланган. 2015 йил 5 мартида Истанбулда ҳаракат етакчиси Умарали Қувватов ўлдирилган эди.