Италияда Ндрангета мафияси устидан уч йил давом этган суд якунланди. 207 киши 2200 йилга қамалди

Прокурор Никола Граттери мафияга нисбатан суд жараёнида.

Италия суди Калабрия вилоятида фаолият юритган Ндрангета мафиясининг 207 аъзосига нисбатан ҳукм ўқиди. Уч йил давом этган суд жараёнида жами 350 киши айбланаётган эди. Мазкур жараён хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ламеция-Терме шаҳрида махсус бино ҳам қурилганди.

Суд айбланувчиларнинг учдан бир қисмини оқлади. Қолганларни эса умумий ҳисобда 2200 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. The Guardian нашрининг ёзишича, ҳукумни ўқиб эшиттиришнинг ўзига бир ярим соат вақт кетган.

Мафиянинг икки нафар юқори даражадаги раҳбарларининг ҳар бири 30 йилданга қамалди. Уларга шерикликда айбланган 70 ёшли собиқ адвокат Жанкарло Пителли 11 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ндрангета ( юнонча “жасорат” дегани) Шимолий Европа, Жанубий Америка ва АҚШда фаолият юритувчи дунёдаги энг кучли жиноий гуруҳлардан бири, У Европа кокаин бозорни тўлиқ назорат қилади. Гуруҳнинг йиллик даромади бир неча ўн миллиард еврога тенг.

Мафияга қарши тергов 2016 йилда бошланган эди. Италиянинг 11 та минтақасини қамраб олган терговда 2500 полиция зобити иштирок этган.

Тергов доирасида қўлга олинганлар ва судланганлар орасида жиноятчилардан ташқари улар билан ҳамкорлик қилган сиёсатчилар ҳам бор. Уларнинг айримлари Германия, Швейцария ва Болгарияда қўлга олинган.