Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро куч ишлатмаслик бўйича иттифоқчилик шартномасини имзоламоқчи

Қозоғистонда Ўзбекистон билан иттифоқчилик шартномаси лойиҳаси 12 декабргача халқ муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳага илова қилинган изоҳда қайд этилишича, шартномада томонларнинг ўзаро куч ишлатмаслиги ва таҳдид қилмаслиги белгиланган. Шунингдек, томонлар глобал ва минтақавий масштабда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик қилади, замонавий чақириқлар ва таҳдидларга қарши ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштиради.

Шартномада ҳарбий, савдо-иқтисодий, маданий, гуманитар соҳаларда, фуқаролар мудофааси ва энергетика тармоғи бўйча ҳамкорликни кенгайтириш назарда тутилган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар 1998 йилнинг 31 октябрида имзоланган Абадий дўстлик шартномасига, 2013 йилнинг 14 июнида имзоланган Стратегик ҳамкорлик шартномасига ва бошқа 90 дан ортиқ меъёрий ҳужжатларга асосланган.