Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳам 14 кунлик карантинга ёпилди

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети икки ҳафталик карантинга олинди.

Университетнинг расмий Телеграм-канали орқали ёйинланган маълумотга мувофиқ, ўтган ҳафта мобайнида баъзи кам сонли талабалар орасидан коронавирус инфекцияси қайд этилган. Касалликнинг талаба ва ўқитувчилар орасида тарқалишини олдини олиш мақсадида университетда ўқув жараёни 14 кунга масофавий (онлайн) шаклга ўтказилган.

Хабарномада машғулотлар университетнинг Moodle масофавий таълим тизими орқали давом этиши урғуланган.

Аввалроқ Озодлик Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 19 апрелдан масофавий таълим шаклига ўтгани, бироқ мазкур университет талабалари оффлайн таълимга қачон қайтиши ҳозирча маълум эмаслиги ҳақида хабар қилган.

Ўтган ҳафта эса ўқитувчи ва талабалари орасида коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали шу йил 12 апрелидан карантинга ёпилгани, карантин муддати 14 кун қилиб белгилангани билдирилган эди.