Жаҳон лидерлари Британия қироллик оиласига таъзия изҳор қилишмоқда

Жаҳондаги кўплаб давлатларнинг раҳбарлари Британия қироличаси Елизаветы II ўлими муносабати билан ўз таъзияларини билдиришмоқда.

АҚШ президенти Жо Байден қиролича билан 1982 йилдаги илк учрашуви ҳамда 2021 йилдаги охирги учрашуви ҳақида илиқ сўзлар айтди.

“У бизни зарофати билан маҳлиё қилар, меҳрибонлиги билан ийдирар ва оқилона фикрлари билан бажонидил ўртоқлашар эди. У 11 сентябрдан кейинги энг қайғули кунларимизда Қўшма Штатлар билан якдил бўлган”, деган Байден.

Франция президенти Эммануэль Макрон Елизавета II ни кўнгилчан монарх ва Франциянинг дўсти, деб атаган.

Германия канцлери Олаф Шольц Елизавета II нинг Иккинчи жаҳон урушидан кейин Буюк Британия билан Германия ўртасидаги алоқалар тикланишидаги ролига юқори баҳо берган.

Украина президенти Владимир Зеленский ўз халқи номидан британияликларга таъзия изҳор қилган. “Ўйларимиз ва дуоларимиз сиз билан”, деб ёзган Зеленский Твиттердаги ўз саҳифасида.

Канада бош вазири Жастин Трюдо Елизавета II нинг канадаликларга қилган хизмати абадиян мамлакат тарихининг бир қисми бўлиб қолишини урғулаган.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўз таъзияномасида қироличани жаҳондаги энг ҳурматга сазовор шахслардан бири, дея таъриф этган.

Елизавета II ўлими муносабати билан таъзия билдиришга Россия президенти Владимир Путин ҳам улгурган. Ўз таъзияномасини у Буюк Британия қироли Карл III (шаҳзода Чарльз) номига йўллаган.

Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябрь куни Шотландиядаги Балморал қасрида оиласи даврасида вафот этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.