Жаҳонга машҳур модельер Пьер Карден 98 ёшида вафот этди

Пьер Карден

Дунёга донғи кетган франциялик модельер Пьер Карден 29 декабрь куни 98 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Франс-Пресс агентлигига унинг яқинлари маълум қилган.

Замонавий мода дунёси дарғаларидан бири бўлиб ҳисобланган Карден илк бор 1960 йили эркаклар кийими коллекциясини оммага намойиш қилган. У биринчилардан бўлиб унисекс стилидан фойдаланган ва биринчилардан бўлиб оммабоп дўконларда дизайнерлик ашёларини сота бошлаган.

Модельер 1922 йилнинг 2 июлида Италиянинг Тревизо шаҳри яқинида дунёга келган. Пьер 2 ёшга кирганида унинг ота-онаси фашист режимидан қочиб, Францияга кўчиб ўтишган. Кийим дизайни билан у 14 ёшиданоқ шуғуллана бошлаган, Paquin модалар уйида ишлаган, Кристиан Диор ательесида бош дизайнер сифатида фаолият юритган.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Карден Қизил Хоч жамиятида кўнгилли бўлиб хизмат қилган.

1950 йили Пьер Карден ўзининг модалар уйига асос солган. Шунингдек, у театр рассоми ўлароқ ҳам фаолият юритган.

Пьер Карденнинг Тошкентдаги илк фирма дўкони ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида очилганди.

Модельернинг бойлиги 2018 йилда 800 миллион долларга баҳоланган.