Ўзбекистон ҳукумати ишчи гуруҳи автоҳалокатга учраган ватандошларга кўмак кўрсатиш учун Қозоғистонда жўнаб кетди

Воқеа жойида ишлаётган қутқарувчилар. "Газета уз"дан олинган фотосурат.

Ўзбекистон Бош вазирининг топшириғига асосан ҳукумат расмийларидан иборат ишчи гуруҳ Қозоғистонда автоҳалокатга учраган ўзбекистонликларга кўмак кўрсатиш учун Жамбул вилоятига жўнаб кетди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 13 май куни билдиришича, ишчи гуруҳ Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари масъул ходимларидан иборат. Гуруҳ “Ўзбекистон фуқароларига зарур ёрдам кўрсатиш, уларни Ўзбекистонга қайтариш ҳамда ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш мақсадида” ташкил этилган.

Аввалроқ Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Жулайин туманида 12 май куни маҳаллий вақт билан соат 15:50 ларда Ўзбекистонга қарашли автобус аварияга учрагани хабар қилинган эди. Авария оқибатида ҳайдовчининг ёрдамчиси ва бир йўловчи воқеа жойида жон берган, 33 киши тиббий ёрдам учун касалхонага мурожаат қилган, улардан уч нафари жонлантириш бўлимида экани айтилмоқда.

Дастлабки маълумотга кўра, автобус ҳайдовчиси об-ҳаво шароити ёмонлашгани (ёмғир ва дўл) туфайли рулни бошқаролмай қолиб, йўлда кетаётган трактор прицепига бориб урилган ва ағдарилиб кетган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса автобус ичида 53 нафар йўловчи бўлгани, улардан 47 нафари ўзбекистонлик эканини тасдиқлади. Вазирликнинг маълум қилишича, ҳалок бўлган икки киши Ўзбекистон фуқаросидир.

“Айни пайтда 16 нафар юртдошимиз туман шифохонасида, жумладан, 2 нафари жонлантириш бўлимида қолмоқда”, дейилган хабарномада.