Жапаровнинг матбуот котиби: Ўрхан Инанди ўғирланишига Қирғизистоннинг алоқаси йўқ

Ўрхан Инандини топиш талаби билан Бишкекда ўтказилган акциядан лавҳа, 2021 йил 2 июни

Ўрхан Инанди ўғирланишида Қирғизистон ҳукуматининг қўли борлигига оид тахминлар ғирт бемаънилик, дея баёнот берди Қирғизистон президентининг матбуот котиби Эрбўл Султанбаев.

Унга кўра, Инанди ғойиб бўлгани маълум бўлган куниёқ президент Садир Жапаров уни топиш учун тезкор-қидирув тадбирларини кучайтириш, чегараларни назорат қилиш ва қўшимча кучларни жалб қилиш ҳақида топшириқ берган.

“Қолаверса, кейин маълум бўлишича, Ўрхан Инандини ўғирлашга олдин уч марта уриниб кўришган экан, охирги ҳолатда бизнинг махсус хизматлар бу уринишнинг олдини олган. Уни эҳтиёт бўлишга, тансоқчилар билан юришга чақирганлар”, деган Султанбаев.

У одам ўғирланиши масаласи Туркия томони олдига қўйилганини, ўтган куни Қирғизистон ТИВда турк элчисига норозилик нотаси топширилганини қўшимча қилган.

“Айни пайтда Туркия томонидан расмий жавоб келгани йўқ, бироқ улар Ўрхан Инанди Туркия фуқаролигидан чиқмаганини ва турк фуқароси бўлиб қолаётганини оғзаки тарзда маълум қилишди”, дея ўз сўзини якунлаган Жапаровнинг матбуот котиби.

“Сапат” халқаро таълим муассасаси президенти Ўрхан Инанди 1 июнга ўтар кечаси Бишкекда ғойиб бўлганди. Мазкур ҳолат бўйича қирғиз милицияси 170-модда (“Одам ўғирлаш”) билан жиноят иши очган. Кейинроқ уни Интерпол орқали халқаро қидирувга беришган.

5 июль куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон халққа мурожаати чоғида турк махсус хизматлари Ўрхан Инанди мамлакатга келтирганини, унинг таъбирича, “ФЕТОнинг Марказий Осиёдаги бошқарувчиси” бўлмиш Инанди турк адлия маҳкамасига топширилганини маълум қилган эди.

Бу Қирғизистонда кучли ижтимоий резонансга сабаб бўлди. 6 июль куни Қирғизистон ТИВ Туркиянинг мамлакатдаги элчиси Аҳмед Содиқ Дўғанга нота топширди ва Туркия томонини Ўрхан Инандини қайтаришга чақирди. Президент Жапаров ҳам Қирғизистон Инандини қайтаришни талаб қилишини айтган.

Ўрхан Инанди Туркияда таваллуд топган бўлиб, Қирғизистонга 1995 йилда келган, 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олган. У раҳбарлик қиладиган “Сапат” (аввалги номи “Себат”) халқаро таълим муассасаси 16 та лицей, “Алатўў” халқаро университети, UWIS халқаро мактаби ҳамда 4 та тўлиқсиз ўрта мактабни ўз ичига олади. Ушбу муассасаларда 10 минг нафардан зиёд ўқувчи ва талаба таълим олади.