Жорий йилда Россиядан НАТОга аъзо айрим мамлакатларга махфий экспорт ҳажми кескин ошди

2021 йилда Россиядан НАТО мамлакатларига махфий тоифалардаги товарлар (учоқлар, ядровий материаллар, қурол ва ўқ-дори) экспорти кескин ошди. Бу ҳақда РБК Россия Федерал божхона хизмати очиқ маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.

Россиянинг ушбу тоифалардаги маҳсулотлари импортчилари илк ўнталигига Шимолий Атлантика иттифоқига аъзо олти мамлакат – АҚШ, Чехия, Германия, Буюк Британия, Эстония ҳамда Ҳолландия кирган.

2020 йилнинг 9 ойи натижаларига қиёслаганда, махфий тоифадаги Россия товарлари экспорти, масалан, АҚШга – 706 миллиондан 841 миллион долларга, Чехияга эса 102 миллиондан 706 миллион долларга ошган. Эътиборли жиҳати, жорий йилнинг майида Россия ҳукумати бу иккисини “Россияга дўст бўлмаган мамлакатлар” ўлароқ эълон қилган эди.

АҚШга махфий экспортнинг асосий қисмини радиофаол кимёвий элементлар ва радиофаол изотоплар, жумладан бойитилган уран ташкил этган. Бу маҳсулотларни АҚШга “Росатом” шуъба корхонаси бўлмиш “Техснабэкспорт” ширкати етказиб беради.

2021 йилнинг январь-июнь ойларида божхона статистикасида махфийлаштирилган Россия товарлари экспорти 2020 йилнинг биринчи ярмига қиёсан 61 фоизга ўсиб, пул нисбатида 27 миллиард долларни ташкил қилган.

“Ведомости” қайдича, ушбу сумманинг 20 миллиард доллари ёки 74 фоизи табиий газ ҳиссасига, қолгани – ўқ-дори ва авиатехника экспорти ҳиссасига тўғри келган.