Журналистик суриштирув: Россия 2030 йилга келиб Беларусни оккупация қилмоқчи

Россия ва Беларусь президентлари.

Журналистлар “Россия Федерациясининг Беларусдаги стратегик мақсадлари” деган ички ҳужжатга таянган ҳолда тайёрланган суриштирувни эълон қилди. Унда Süddeutsche Zeitung, WDR, NDR, Yahoo News, Delfi Eesti, "Досье" маркази, Expressen, Independent, Frontstory, Беларусь суриштирувлар маркази ва Vsquare журналистлари иштирок этган.

Суриштирув муаллифларининг ёзишларича, ички ҳужжатда Кремль 2030 йилга келиб Беларусни Россияга қўшиб олиш режасини ишлаб чиққан. 17 саҳифадан иборат мазкур режа 2021 йилнинг ёзида қабул қилинган.

Ҳужжатда Беларусь қонунчилигини Россия қонунчилигига мослаштириш ҳамда Беларусь ташқи сиёсатини Россия манфаатлари йўлида бошқариш назарда тутилади. Шунингдек, Беларусда Россия ҳарбий ҳозирлигини кўпайтириш, “ижтимоий сиёсат, савдо, фан, маориф ва маданиятда Россия таъсирини кучайтириш”га алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳужжат билан танишган экспертлар унинг сохта эмаслигига ва "Россия бюрократияси ва сиёсатига оид стандарт қарор экани"га ишонилишини билдирганлар.

Журналистлар мазкур ҳужжатни кўрсатган ғарб махсус хизмати вакиллари ҳам экспертларнинг сўзларини тасдиқлаганлар.

Озодлик радиоси мазкур суриштирув натижаларини оператив тарзда текшириш имкониятига эга эмас.