Фарғонада ер олган камбағаллар аукцион ва солиқ қарзи остида қолди

Фарғоналик камбағалларга берилган ер учун улар уч йилдан сўнг аукцион пулини тўлашга мажбурланмоқда

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани Бекобод қишлоғида 240 нафар аҳолига 2022 йилда “камбағалликдан чиқариш” мақсадида 15 сотихдан ер ажратилган эди.

Расмийларга кўра, бу ташаббус аҳолининг кам даромадли қатламини қўллаб-қувватлаш, уларни мустақил даромад манбаига эга қилиш учун амалга оширилган.

Бироқ орадан уч йил ўтиб, бу дастур кутилган натижани бермагани, аксинча, айрим фуқароларни янада оғир аҳволга солгани маълум бўлмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Видео 1.mp4

Бекобод қишлоғи аҳолиси кутилмаган ҳолатга дуч келди: уларга берилган ерлар аслида аукцион орқали уларнинг номига сотиб олинган бўлиб чиққан.

Энди эса туман ҳокимлиги ва солиқ идоралари аҳолидан аукцион тўловлари ва солиқ қарзларини талаб қилмоқда.

Озодликка тақдим этилган ҳужжатларда 240 нафар фуқаро номига 15 сотихдан ер майдони 11–12 миллион сўм атрофида “ютиб олингани” расмийлаштирилган.

Бироқ, бу рўйхатдаги ўндан ортиқ шахс билан суҳбатлашилганда, уларнинг бирортаси ҳам аукционда қатнашмаганини билдирди.

“Биз бу аукционни билмаганмиз”

Аҳоли вакиллари айтишича, 2022 йилда фермерлардан олиб қўйилган ерлар аукционга чиқарилган, аммо бу жараёндан фуқаролар бехабар бўлган.

“Ҳеч ким аукционда қатнашмаган. Кейин "сизлар ютгансизлар" дейишяпти,” — дейди Бекобод маҳалласи турғуни.

Маълум бўлишича, мактаб ўқитувчилари фуқаролар номидан аукционда қатнашгани ҳақида даъволар бор. Натижада, аҳоли ўзлари билмаган ҳолда молиявий мажбурият остида қолган.

Аукционда гўёки "қатнашган" камбағаллар рўйхати

Ер бор — лекин ундан фойда йўқ

Муаммо фақат ҳужжатларда эмас.

Аҳолининг айтишича, ажратилган ерлар асосан шўр ва паст сифатли бўлган. Энг асосий муаммо — сув масаласи ҳал этилмаган.

“Ер бор, лекин сув йўқ. Сувни зовурдан соатига 50 минг сўм тўлаб олиб суғорамиз,” — дейди маҳаллий аҳоли.

Бу эса ердан даромад олишни деярли имконсиз қилган.

Шу сабабли кўпчилик ердан фойдалана олмаган. Бироқ солиқ ва ижара тўловлари барибир ҳисобланмоқда.

Камбағалликдан қашшоқликка?

Аҳоли фикрича, бу жараён камбағалликни камайтириш ўрнига, аксинча, уларни янада оғир аҳволга туширмоқда.

“Камбағалликдан чиқарамиз деб ер беришди. Энди эса қашшоқ бўламиз,” — дейди мурожаатчилар.

Фуқароларга берилган огоҳлантиришларда қарзларни зудлик билан тўлаш талаб қилинмоқда. Акс ҳолда, иш Мажбурий ижро бюросига ўтказилиши айтилган.

Расмийлар сукут сақламоқда

Озодлик бу масала юзасидан муносабат олиш мақсадида Ўзбекистон тумани ҳокими Равшанбек Бегматовга бир неча бор қўнғироқ қилди. Бироқ ҳоким телефон қўнғироқларига жавоб бермади.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Жабборов ҳам изоҳ беришдан бош тортди.

Давлат сиёсати ва амалдаги зиддият

Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Аҳолига ер бериш, уларни даромадли қилиш — расмий баёнотларда асосий мақсад сифатида кўрсатилади.

Президент Шавкат Мирзиёев февраль ойида Фарғона вилоятининг 9 та туман ва шаҳрини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш вазифасини қўйган эди.

Бироқ амалдаги ҳолат бу мақсадларга эришиш осон эмаслигини кўрсатмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, вилоятда амалга оширилган айрим қиммат лойиҳаларнинг натижаси ҳам савол остида қолмоқда.

Масалан, Олтирариқ туманида барпо қилинган узум боғлари сувсизлик сабаб қуриб кетган. Қува туманидаги анор боғларининг катта қисми ҳам шундай аҳволга тушган. Бу эса режалар ва реал натижалар ўртасида жиддий фарқ борлигини кўрсатади.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2025 йил якунига келиб 5,8 фоизга туширилган.

Давлат режасига кўра, камбағаллик 2026 йилда 2,8 фоиз, 2030 йилга бориб — 0 фоизга тушиши керак.

Бироқ иқтисодчилар бу рақамларга эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Уларга кўра, расмий кўрсаткичлар ва реал ҳаёт ўртасида фарқ сақланиб қолмоқда.

Фарғонадаги ҳолат камбағалликни камайтириш дастурлари қандай амалга оширилаётгани ҳақида жиддий саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда.

Ер беришнинг ўзи етарли эмас. Агар у ер, инфратузилмасиз бўлса, адолатсиз тарзда расмийлаштирилса ва ортидан кутилмаган қарз юкланса бу қўллаб-қувватлаш эмас, балки янги муаммо манбаига айланади.