Мониторинг жараёнида аниқланган бир қатор камчиликлар сабаб Қашқадарё вилояти Қарши тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари 2024 йилда вилоятдаги вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари, жазони ижро этиш муассасалари ҳамда махсус қабулхоналарни мониторингдан ўтказиб бир қатор камчиликлар аниқлаган.
Жумладан, Қарши шаҳри ИИО фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармаси, Қарши ва Косон туманлари ИИБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида шахсларни сақлаш шароитлари белгиланган меъёрий талабларга жавоб бермаслиги кузатилган.
Шунингдек, камералар таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, табиий ва сунъий ёруғлик тизими, санитария-гигиена ҳолати, ҳаво алмаштириш тизими талаб даражасида эмаслиги қайд этилган.
Қарши тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси фаолияти тўхтатилиб, сақланаётган шахслар капитал таъмирланган Касби тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасига кўчирилган.
Омбудсман камчиликларни бартараф этиш бўйича Ички ишлар вазирлигига тақдимнома киритган.
Айни пайтда вазирлик ҳибсхоналар шароитларини яхшилаш бўйича амалий чоралар кўраётгани билдирилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили 2024 йилнинг 10 ойи мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардаги фуқароларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани юзасидан 158 та шикоят келиб тушганини маълум қилганди.
Шикоятларни кўриб чиқиш натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чораси қўлланган. 3 та ҳолатда ходимларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.