Ким Чен Ин Корея Меҳнат партияси бош котибига айланди

Ким Чен Ин

Шимолий Корея лидери Ким Чен Ин Корея Меҳнат партияси бош котибига айланди. Бу ҳақда КХДРнинг расмий Марказий телеграф агентлиги хабар қилди. Аввал Ким Чен Ин партия раиси лавозимини эгаллаб турган эди.

Жанубий Кореянинг Рёнхап агентлиги манбалари ўтган якшанба куни кечқурун Пхенянда ҳарбий парад бўлиб ўтганини маълум қилганлар. Журналистлар уни Меҳнат партияси қурултойи билан боғлаганлар.

Ким Чен Ингача партия бош котиби лавозимини унинг отаси Ким Чен Ир, ундан аввал эса унинг бобоси – КХДР таъсисчиси ва чучхе ғояси асосчиси Ким Ир Сен эгаллаб келган.

Ким Чен Ир ўлимидан сўнг 2011 йили унинг ўғли партия марказий қўмитаси биринчи котиби лавозимини эгаллади. 2016 йили котибият тарқатиб юборилган ва Ким Чен Ин партия ижроия сиёсий кенгаши раисига айланган. Эндиликда кенгаш номи котибиятга айлантирилган, КХДР лидери эса бош котибга айланган.

Ким Чен Ин мамлакат Қуролли кучлари олий бош қўмондони лавозимини ҳам эгаллаб турибди ва Корея халқ армияси маршали унвонига эга.