Киев Жанубий Украина АЭСи Россия армияси томонидан ўққа тутилганини билдирди

Жанубий Украина атом электр станцияси

Украинанинг “Энергоатом” ширкати Жанубий Украина атом электр станцияси россиялик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилгани ҳақида маълум қилди.

Ширкат телеграм-каналидаги маълумотга мувофиқ, Николаев вилоятида жойлашган АЭС душанбага ўтар кечаси ракета зарбаларига нишон бўлган. Ракета реакторлардан 300 метр нарига тушган.

Портлаш натижасида АЭС биносига шикаст етиб, 100 дан зиёд дераза синган. Снаряд тушган жойда диаметри 4 метр, чуқурлиги 2 метр бўлган ўйиқ ҳосил бўлган. Бундан ташқари Жанубий Украина энергия мажмуаси таркибига кирган Александров ГЭСи гидроагрегатларидан бири ўчиб қолган.

“Жанубий Украина АЭСидаги учта энергоблокнинг ҳаммаси одатдагидек ишлаяпти. Хайриятки, станцияда ходимлардан ҳеч ким жабрланган эмас”, дейилган ширкат хабарномасида.

Бу орада Украина президенти Владимир Зеленский станцияга берилган ракета зарбаси видеосини ёйинлади.

“Россия бутун дунёни хавф остига қўймоқда. Кеч бўлмасидан туриб, уни тўхтатиш керак”, деб ёзди Зеленский.