Киевда Россия билан дўстлик шарафига ўрнатилган ёдгорлик олиб ташланди

Киевдаги шаҳар маъмурияти биноси

Киев шаҳрида Украина ва Россия дўстлиги шарафига ўрнатилган хотира ёдгорлиги қўпориб олинди. Бу ҳақда шаҳар кенгаши депутати Алина Михайлова “Facebook”даги саҳифасида маълум қилган.

Ёдгорлик 2001 йилда Маршал Якубовский кчасидаги хиёбонда ўрнатилган эди. Киев шаҳар кенгаши уни демонтаж қарорини 2021 йил июнида қабул қилган. Депутатга кўра, ёдгорлик “келгусида очиладиган тоталитаризм музейига экспонат сифатида қўйилади”.

“Дўстлик одам ўлдиришни, ёлғон сўзлашни ва бировнинг мулкини босиб олишни тақазо этмайди. Дўстлигимиз, агар у қачондир мавжуд бўлган бўлса, Севастополь, Донецк ва Луганск оккупация қилиниши билан бирга барҳам топди. Токи Россия украин заминини энг сўнгги қаричигача тарк этмас, кўрган зараримизни тийин-тийинигача тўламас ва то Россия президенти украин халқидан тиз чўкиб кечирим сўрамас экан, келажакда ҳам дўст бўла олмаймиз”, деб ёзган Михайлова.

Депутат “босқинчи давлат билан боғлиқ” барча ёдгорликларни тафтиш қилиш, шунингдек барча кўча ва объектлар номларини текширишни режалаётганини билдирган.

Украина шарқидаги қуролли можаро 2014 йилдан бери давом этмоқда. Бу вақт мобайнида 13 мингдан ортиқ киши нобуд бўлди. Киев Москвани бўлгинчиларга ҳарбий дастак беришда айблайди, Россия барча айбловларни қатъиян рад этиб келади.

Москва 2014 йилда Қримда яриморолни Россияга ҳудудига қўшиб олиш бўйича референдум ўтказган эди, аммо расмий Киев ҳамда дунёнинг аксари мамлакатлари бу референдумнинг легитимлигини тан олмайди ва Қрим Россия тарафидан босиб олинган, деб ҳисоблайди.