Кўламли ҳакерлик ҳужумлари ортидан АҚШда киберхавфсизлик бюроси ташкил этилади

АҚШда киберхавфсизликни яхшилаш мақсадида янги бюро ташкил этилади. Бу ҳақда 7 январь куни Давлат департаменти маълумот тарқатди.

Бундай қарор қабул қилинишига АҚШдаги ҳукумат идоралари ва хусусий ширкатлар тармоқлари мисли кўрилмаган ҳакерлик ҳужуми нишонига айлангани туртки бўлди. Ҳужум ортида рус ҳакерлари тургани айтилмоқда.

Давлат департаменти сайтида эълон қилинган баёнотда қайд этилишича, АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Киберхавфсизлик ва ривожланаётган технологиялар бюросини (CSET) ташкил этиш таклифини расман маъқуллаган.

Баёнотда кейинги ойларда Хитой, Россия, Эрон, Шимолий Корея ва бошқа душманлар АҚШ миллий хавфсизлигига солаётган таҳдид кучайгани таъкидланган.

Шу йилнинг 5 январь куни АҚШ ҳукумати мамлакатдаги давлат ва хусусий ширкатлар тармоқларига қилинган йирик ҳакерлик ҳужуми ортида, дастлабки хулосаларга кўра, Россия турганини очиқлаган эди. Москва бу айбловларни рад этган.