Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида 27 март куни Ташқи ишлар вазирлиги биноси яқинида кучли портлаш содир бўлди. Al-Jazeera хабарига кўра, худкуш шахс вазирлик биносига портлаш мосламасини олиб ўтишга уринган. Худкуш қўриқчилар хизмати томонидан тўхтатилган, бироқ у бомбани портлатишга улгурган. Ҳодиса оқибатида камида олти киши ўлган, ўндан ортиқ киши жароҳатланган.
Кобул полицияси вакили Холид Задранга кўра, жабрланганлар орасида камида уч нафар полициячи бор. Портлашдан сўнг бир бола дохил 12 киши касалхонага етказилган. Айни пайтгача ҳеч бир ташкилот портлаш учун масъулиятни зиммасига олмагани айтилмоқда.
Кобулдаги ҳукумат бинолари жойлашган маҳалла террор хуружларига илк бор нишон бўлаётгани йўқ. 11 январь куни айнан шу ТИВ биноси ёнида худкуш шахс ўзини портлатиб юборган, натижада 20 киши ҳалок бўлган эди. Ўшанда портлаш учун масъулиятни “Ислом давлати” экстремистик гуруҳи ўз зиммасига олган.
Ўтган йил декабрида Кобулда бир гуруҳ қуролли шахс хитойлик тадбиркорлар яшаган меҳмонхонада одамларни ўққа тутган. Ўшанда Хитойнинг беш нафар фуқароси жароҳат олган. Шундан сўнг хитойлик инвесторларнинг кўпчилиги Афғонистон билан ҳамкорлик имкониятини қайта кўриб чиқишларини билдиришган.
Бундан ташқари, 2022 йил сентябрида яна худкуш шахс Кобулдаги Россия элчихонаси биноси олдида ўзини портлатиб юборган. Россия ТИВ маълумотига кўра, ҳодиса ортидан элчихонанинг икки ходими ҳалок бўлган. Портлаш чоғида ўлган ва яраланганларнинг умумий сони 20 нафардан ошган.