Конституциявий суд: Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтказилишига монелик йўқ

Конституциянинг янги таҳрирдаги лойиҳаси амалдаги Конституция, Ўзбекистоннинг бошқа ҳамма қонунлари ва халқаро ҳужжатларга тўлиқ мос келади. Бу хулоса Ўзбекистон Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов томонидан 13 март куни Тошкентда бўлиб ўтган мажлисда айтилди.

Конституциявий суднинг Асосий қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилган мазкур мажлисида Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтказишга тўсқинлик қилувчи омилларга дуч келинмагани таъкидланган.

Қонун лойиҳаси ўтган ҳафта якунида Олий мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдумни шу йилнинг 30 апрелига белгилашга қарор қилинганди. Киритилаётган ўзгартишлар натижасида Асосий қонун 65 фоизга ўзгариши, Конституция таркибига 27 та янги модда қўшилган ортидан моддалар сони 155 тага чиқиши айтилган.

Бу орада ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида “янгиланган ёки янги Конституциянинг тўлиқ матни эълон қилинадими?” деган савол устида баҳслар авж олмоқда. Фойдаланувчиларни энг кўп қизиқтираётган масалалардан бири Конституциянинг 90-моддасига киритилажак ўзгартишлардир. Тармоқ фаоллари мазкур моддага киритилган ўзгартишлар туфайли амалдаги президентнинг икки муддати “ноллашиб”, учинчи муддатга президентликка номзодини қўйиши учун унга йўл очилиши юзасидан хавотир билдиришмоқда.