Коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 180 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 14 октябрь ҳолатига кўра, 180 минг 162 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, кеча мамлакат бўйлаб 451 киши коронавирусга чалинган.

Пайшанба куни Наманган, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларидан ташқари ҳудудларда 425 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 175 минг 996 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 283 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик қайдича, 14 октябрь куни 17 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 27 минг 520 киши пневмонияга чалинган. Булардан 26 минг 43 нафари соғайиб чиққан, 233 нафари эса вафот этган.