Коронавирусга қарши эмланганлар сони 900 мингга етди, эмловнинг иккинчи босқичи бошланди

Ўзбекистон жорий йил 3 майигача коронавирус инфекциясига қарши эмланганлар сони 911 минг 811 нафарга етган, уларнинг 14 минг 285 нафари иккинчи босқичда эмланганлардир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, душанба куни мамлакат бўйлаб жами 55 минг 795 нафар киши COVID-19 га қарши эмланган.

“Маълумки, вирусга қарши тўлиқ эмланиш учун инсон, вакцина турига қараб, икки ёки уч босқичда эмланиши керак. Шу йилнинг 1 майидан бошлаб вакцинанинг биринчи босқичини олган фуқароларни унинг иккинчи дозаси билан ҳам эмлаш бошланди”, дейилган ССВ хабарномасида.

Шу тариқа 3 май куни биринчи босқичда эмланганлар сони 47 минг 816 нафарни, иккинчи босқичда эмланганлар сони эса 7 минг 979 нафарни ташкил этган.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш кўрсаткичлари бўйича ҳамон Фарғона водийсида жойлашган вилоятлар олдинда кетяпти (Фарғона вилояти - 126 минг 27 нафар, Андижон вилояти 99 минг 797 нафар, Наманган вилояти - 98 минг 310 нафар), улардан кейинги ўринда эса Самарқанд вилояти (91 минг 887 нафар) бормоқда.