Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганлар ва ўлганлар сони ортганини билдирди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда бир неча кунлик пастлашдан сўнг коронавирусга чалинганлар ва касалликдан ўлганлар сони кўпайгани кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билдирди.

Расман маълум қилинишича, 24 ноябрь куни 220 нафарга яқин кишида коронавирус инфекцияси аниқланиб, 4 нафар бемор вафот этди.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 192 175 нафарни ташкил этмоқда.

Касалликдан вафот этганлар сони 1389 нафарга етди.
Касалликдан соғайганлар жами 188 860 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил этмоқда.

Вазирлик сўнгги бир неча кун ичида коронавирус беморлари сони кескин камайиб бораётганини, беморлар сони кунига 200 га етмаётгани тўғрисида билдирган эди.