КПРФ Москвадаги электрон овоз бериш натижаларига қарши судга 31 та даъво аризаси киритди

КПРФ тарафдорларининг Москвада ўтказилган норозилик акциясидан лавҳа, 2021 йил 25 сентябри

Россия Федерацияси Коммунистик партияси (КПРФ) Давлат думаси сайлови бўйича Москва шаҳрида ўтказилган электрон овоз бериш натижаларини бекор қилишни сўраб, судга 31 та даъво аризаси киритди.

Партия юристлари ва КПРФдан депутатликка кўрсатилган собиқ номзодлар 15 та бир мандатли округнинг ҳаммасида электрон овоз бериш натижалари юзасидан эътироз билдиришмоқда.

Аввалроқ полиция партиянинг Москва бўлими юристи Мухамед Биджевни ҳибсга олган эди. Унга нисбатан рухсат этилмаган акцияни ташкил қилишга оид маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 10 суткага қамаш қарори чиқарилган. Биджев Москвадаги электрон овоз беришнинг ноқонунийлиги ҳақида даъво иши қўзғатмоқчи бўлган.

28 сентябрь куни Москва полицияси КПРФ шаҳар қўмитасининг юридик хизмати биносига киришни тўсиб қўйган. Маълум қилинишича, кириш 29 сентябрь куни очилган ва юристлар бинони тарк этганлар.

Шунингдек, 29 сентябрь куни КПРФдан Москва шаҳар думасига сайланган депутатлар шаҳар парламентининг масофадан ўтказилаётган йиғилишидан чиқиб кетишган. Znak.com хабарига кўра, улар адолатли сайлов учун ўтказилган норозилик акцияларида ҳибсга олинган барча сафдошлари озод этилишини талаб қилганлар. Депутатлар Москва шаҳрига оид сайлов натижаларини ҳам тан олмасликларини билдиришган.

Сайлов якунларига оид расмий маълумотга кўра, “Ягона Россия” (“Единая Россия”) партияси Думада 324 та ўринни эгаллайди. Парламентга, шунингдек, КПРФ (57 мандат), “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” (27 мандат), ЛДПР (21) ҳамда “Янги одамлар” (13) партиялари кирган. Бундан ташқари, Думада яна уч партиядан биттадан вакил ва беш мустақил номзод ҳам бўлади.

КПРФ сайлов натижалари бўйиа бир нечта норозилик чиқишларини уюштирган. Партия етакчиси Геннадий Зюганов президент Путин билан учрашуви чоғида электрон овоз бериш жараёнида қонунбузарликларга йўл қўйилган бўлиши мумкинлиги масаласини кўтарган. Айни пайтда Зюганов партия президентнинг хатти-ҳаракатларини дастаклашини билдирган.

Москвадаги 15 та округдан 8 тасида мухолифат номзодлари, асосан КПРФ аъзолари сайлов варақалари саналганидан сўнг ғолиб бўлиб туришганди, аммо электрон овоз бериш натижалари чиқарилгач, улар ҳукумат қўлловидаги номзодларга ютқазишган.