Kun.uz сўз эркинлиги бўғилаётганига норозилик сифатида 2 кун ўз сайтини янгиламади

Иллюстратив сурат.

Kun.uz нашри Ўзбекистонда сўз эркинлигини бўғишга қаратилган қонун меъёрлари мавжудлигига тоқатсизлик сифатида ўз сайтини 21-22 июнь кунлари янгиламади. Бу ҳақда нашр 23 июнга ўтар кечаси расмий баёнот тарқатди.

21 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида Kun.uz сайтида эълон қилинган диний мақолалар билан боғлиқ маъмурий иш кўриб чиқилган эди.

Суд жараёнида нашр эълон қилган диний мақолаларда қонунчиликка зид келувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги эътироф этилган. Айни пайтда нашр бу мақолаларни диний экспертизадан ўтказмай туриб эълон қилгани учун Kun.uz раҳбари 12 миллион 250 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.

Ушбу суд жараёни муносабати билан Kun.uz 21-22 июнь кунлари ўз фаолиятини тўхтатиб, хабарлар лентаси янгиланмади.

“Мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ айрим қонунчилик меъёрлари (жумладан, Kun.uz’нинг жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган қонун нормалари) ҳамон эски қолипларда қолаётганига кўз юмиб бўлмайди. Бундай камчиликлар исталган вақтда сўз эркинлигига қарши қурол сифатида фойдаланилиши мумкин.

Kun.uz фаолияти билан боғлиқ сўнгги воқеалар ҳам буни кўрсатиб берди. Таҳририят бунга тоқатсизлик билдирди ва фаолиятида танаффус қилиш орқали ўз норозилигини ифодалади”,-дейилади баёнотда.