Россия ташқи ишлар вазири танқидларга чидамай “Катта йигирмалик” йиғилишини тарк этди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Индонезия ташқи ишлар вазири Ретно Мансури билан "Катта йигирмалик" йиғилишида. 2022 йилнинг 8 июлида олинган фотосурат.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров танқидларга дош бера олмай “Катта йигирмалик” давлатлари дипломатлари йиғинини тарк этди.

8 июлдаги эрталабки йиғинда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Россиянинг Украинага ҳужумини кескин қоралади. Ҳамкасби нутқ сўзлаётган пайтда Сергей Лавров йиғилиш залини тарк этди.

Тушдан кейинги йиғинда эса Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба нутқ сўзлаётган пайтда Лавров яна залдан чиқиб кетди.

Лавров бу ҳақда журналистларга изоҳ берар экан: “Бугун агрессор, босқинчи деган гапларни жуда кўп эшитдим”,-деб айтди.

Лавров “дипломатлар ўз нутқларида Россияни мисли кўрилмаган даражада танқид қилганлари”дан норози эканини билдирди.

8 июлда Индонезиянинг Бали шаҳрида ўтган “Катта йигирмалик” саммитининг асосий муҳокамаси Украинадаги уруш ва бунинг ортидан дунёда қаҳатчиликнинг авж олиши масаласи бўлди.

Айрим Ғарб давлатдари лидерлари Россияни Украинага уруш очгани учун “Катта йигирмалик”дан чиқаришни талаб қилмоқда. АҚШ ва унинг иттифоқчилари ташкилотнинг ноябрда ўтадиган саммитига Владимир Путин чақириладиган бўлса, бу йиғинни бойкот қилишларини билдирганлар.

Украина “Катта йигирмалик” аъзоси эмас. Бироқ Украина президенти Владимир Зеленский бу саммитга таклиф қилинган.
Жаҳон иқтисодиётининг 80 фоизи ва дунё аҳолисининг учдан икки қисми “Катта йигирмалик”ка аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келади.