Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ваколат муддати уч йилдан беш йилга узайтирилди.
Мамлакат президенти томонидан 11 февраль куни имзоланган ва 12 февраль куни кучга кирган қонун билан ана шу муддат белгиланмоқда.
“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунларга киритилган ўзгартиришга мувофиқ, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларининг ваколатлари ҳам аниқлаштирилган.
Қайд этилишича, қонун амалга киритилгунга қадар сайланган фуқаролар йиғинлари раислари ўз ваколатини 3 йиллик муддат тугагунга қадар амалга оширади.
Миллий қонунчиликда раисликка номзодларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш, олий маълумотлилик, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаш, ташкилотчилик қобилияти, давлат органлари ёки нодавлат нотижорат ташкилотлари ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибаси, ҳаётий тажриба ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиш каби талаблар қўйилган.
Озодлик аввалроқ маҳалла раислари сайловига ҳокимиятнинг аралашуви ҳолатларини таҳлил қилган эди.