Виктор Маҳмудов Россиядаги анжуманда ташқи кучлар Марказий Осиёга босим ўтказаётганидан нолиди

Марказий Осиё давлатлари байроқлари (иллюстратив сурат)

Марказий Осиё давлатлари ўз миллий манфаатларини ҳисобга олмаган ҳолда танлов қилиш бўйича ташқи кучлар босимини ўз гарданида ҳис қилишда давом этишмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтаётган халқаро анжуманда билдирган.

“Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасини ташқи сиёсатдаги энг устувор йўналиш сифатида кўряпти ҳамда бу минтақада тинчлик, хавфсизлик ва ўзаро ишончни қарор топтириш бўйича фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Кўп афсуслар бўлсинки, бугунги кунда Марказий Осий давлатлари минтақа мамлакатларини ўз миллий манфаатларини ҳисобга олмаган ҳолда танлов қилиш қаршисида қолдиришга уринаётган ташқи кучлар босимини ўз гарданида ҳис қилишда давом этмоқда”, дея иқтибос келтирган Россиянинг ТАСС агентлиги Виктор Махмудов сўзларидан.

Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби мазкур баёнотни Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмероннинг Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатлари бўйлаб дипломатик сафари ортиданоқ берган. Жорий ҳафтада Ўзбекистонга ташрифи олдидан Бишкекда бўлган Кэмерон Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида президент Садир Жапаров билан Қирғизистонда матбуот эркинлигига оид вазият ёмонлашгани ҳамда Россиянинг Украинага “ноқонуний бостириб кириши” ҳақида гаплашганини айтган эди.

Хабарларга кўра, Санкт-Петербургдаги анжуман кун тартибидан террорчиликка қарши кураш муаммоларидан ташқари ахборот хавфсизлиги, миллий ўзига хослик ва анъанавий қадриятларни сақлаб қолиш каби масалалар муҳокамаси ҳам ўрин олган.