Маккада эмловдан ўтган саудияликлар ҳаж зиёратини адо эта бошлашди

Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида зиёратчилар 18 июль куни ҳаж амалларини бажаришни бошлади. Бу ҳақда “Ихбария” телеканали хабар қилган.

Муқаддас ҳаж амаллари кетма-кет иккинчи йил коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар шароитида ўтказилмоқда. Хусусан, жорий йилги ҳаж маросимларида фақат маҳаллий аҳоли ҳамда Саудия Арабистонида истиқомат қилувчи чет эллик мусулмонлар иштирок этиши мумкин.

Ҳаж зиёратини бу йил 60 минг нафарга яқин мусулмон адо этиши кутилмоқда. Қиёслаш учун, пандемиядан олдин ҳаж зиёратига ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан камида 2,5 миллион киши келар эди.

Июнь ойида Саудия Арабистони ҳукумати бу йилги ҳаж ибодатини COVID-19 га қарши тўлиқ эмланган ёши 18 дан 65 гача бўлган кишиларгина адо эта олиши тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Ҳаж зиёратининг асосий маросимлари бугун, 19 июль куни бўлиб ўтади.