Мактабгача таълим вазирлиги Фарғона вилоятидаги боғчадан жасад топилганини тасдиқлади

Иллюстратив сурат

Мактабгача таълим вазирлиги 20 ноябрь куни Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги “Қўрғонча” маҳалласи Пахтаобод кўчасида жойлашган 27-болалар боғчасида бир эркакнинг жасади топилганига оид хабарларни тасдиқлади.

“Мазкур ҳолат Фарғона вилояти мактабгача таълим бошқармаси раҳбарияти томонидан тўлиқ назоратга олингани, айни кунларда Қўштепа тумани ҳокимининг қарори билан мазкур бахтсиз ҳодиса сабаблари махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилаётгани, ўрганиш хулосалари тайёр бўлса, бу ҳақда қўшимча маълумот берилишини маълум қиламиз”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Аввалроқ маҳаллий нашрларда боғчадан жасади топилган шахснинг ис газидан вафот этгани тахмин қилинаётгани ёзилган. МТВ махсус ишчи гуруҳ хулосаси тайёр бўлгунига қадар журналист ва блогерлардан вафот этган шахс ҳамда унинг қандай лавозимда фаолият олиб боргани хусусида тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмай туришни сўраган ҳамда марҳумнинг 27-болалар боғчасида мавсумий ўт ёқувчи вазифасида фаолият юритганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Озодлик Нукусда 18 ёшли талаба, ундан олдин эса Самарқанд вилоятида агрокимё ширкатининг икки ишчиси ис газидан вафот этгани ҳақида хабар қилган эди.