Мали рус пудратчи аскарлари хизматларидан фойдаланаётганини рад этди

Vagner Group аскарлари Россиянинг хусусий ҳарбий ширкатига қарашли экани айтилади.

24 декабрь куни Мали ҳукумати Россиянинг хусусий ҳарбий ширкати бўлган Vagner Group аскарларини сафарбар қилганини рад этди.

23 декабрь куни ўндан ортиқ Европа давлати ҳамда Канада ҳукумати Малини пудратчи аскарларни сафарбар қилгани учун кескин қоралаган эди.

Хусусий ширкат жангчиларини Москва қўллаши айтилади. Аммо Россия президенти Владимир Путин бу айбловларни инкор этиб келади.

Франция, Германия ва Буюк Британияни ўзига олувчи мамлакатлар гуруҳи ушбу ҳолат юзасидан эълон қилган баёнотда «Ҳарбийлар юборилгани Ғарбий Африкадаги хавфсизлик вазиятини янада ёмонлаштириши, Малидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият кескинлашишига олиб келиши мумкин», дейилади.

Қўшма баёнотни Вашингтон имзоламади, аммо АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен шу ой бошида Малини Vagner ёлланма аскарлари хизматларидан фойдаланмаслик ҳақида огоҳлантирган эди.

Мали ҳукумати миллий хавфсизлик кучларининг оператив салоҳиятини кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасида «рус тренерлари» мамлакатга киритилганини маълум қилди.

Малида сиёсий вазият 2012 йилдан бери беқарор бўлиб қолмоқда. Жорий йилнинг май ойида муваққат ҳарбий ҳукумат ҳокимиятни қўлга олди.