Марказий Осиё давлат раҳбарлари Туркманистонда маслаҳат учрашувини ўтказишади

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Қозоғистонда ўтган илк саммитидан лавҳа, 2018 йил 15 марти

Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида 5-6 август кунлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев мазкур учрашувда иштирок этиш учун туркманистонлик ҳамкасби Гурбангули Бердимуҳамедовдан таклиф олган.

Мезбон президент раислигида ўтадиган “Аваза”даги учрашувда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳам қатнашади.

Унда давлат раҳбарлари 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтган маслаҳат учрашувида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши натижаларини кўриб чиқадилар.

Бу галги кун тартибига минтақада барқарор ва изчил тараққиётни таъминлаш, савдони ривожлантириш, энергетика соҳасида шериклик учун қулай шароитлар яратиш, транспорт-коммуникация соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, пандемияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бошқа масалалар ҳам киритилган.

Саммит якунида муҳим кўп томонлама ҳужжатлар, шу жумладан давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилинади.

Президент матбуот хизмати қайдича, Туркманистонга сафар доирасида Ш. Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши ҳам режаланган.

Маслаҳат учрашуви дастури доирасида Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти ва минтақа Иқтисодий форуми, миллий маҳсулотлар кўргазмаси, миллий таомлар фестивали ҳамда санъат усталарининг тантанали концерти ўтказилиши мўлжалланган.

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг илк саммити 2018 йил март ойида Қозоғистоннинг пойтахти, иккинчиси эса 2019 йил ноябрь ойида Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган.

Аввалроқ Озодлик жорий ҳафтанинг иккинчи ярмида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга сафар қилиши ҳақида хабар қилган эди.