МБ Ўзбекистонда ипотека кредитлари ҳажми кескин ошишига сабаб бўлган омилларни санади

Андижонда сўнгги йилларда қурилган кўп қаватли уйлар

Ўзбекистонда кейинги йилларда ипотека кредитлари ҳажмининг кескин ошишига уй-жойга бўлган талабнинг ошиб бориши ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши сабаб бўлган. Бу ҳақда Марказий банк томонидан 5 май куни тақдим этилмиш 2020 йил ва 2021 йилнинг I чораги учун “Ипотека кредитлари таҳлили”да айтилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, ипотека кредитлари қолдиғи 2018 йил 1 январь ҳолатига 9,7 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йил 1 январь ҳолатига 3 баробарга кўпайиб, 28,3 триллион сўмга етган. Ипотека шартномалари сони эса 121,7 минг донадан 238,4 минг донага етиб, қарийб 2 баробарга ошган.

МБ ипотека кредитлари ҳажми ва унга бўлган талабнинг ошишига қуйидаги омилларни сабаб ўлароқ келтирган:

  • мамлакатда аҳоли сонининг ўсиб бориши;
  • республикада инвестицион фаоллик ва уй-жой қурилиши суръатларининг ошгани;
  • аҳоли реал даромадларининг (сўнгги 4 йилдаги ўртача йиллик ўсиш 6,9 фоизга тенг) ошиб бораётгани;
  • амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ҳудудларда урбанизация даражасининг ортиб бориши ва уй-жой қурилиши учун зарур инфратузилмаларнинг кенгайиши;
  • бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш тизимининг жорий этилиши натижасида тижорат банклари ипотека кредитлари ажратиш учун барқарор ресурс манбаи билан таъминланаётгани;
  • якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун ва улушдор жисмоний шахсларга ажратиладиган ипотека кредитларининг соддалаштирилгани.

Марказий банк 2017-2020 йиллар мобайнида жами 220,2 минг нафар фуқарога умумий қиймати 25,8 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилганига эътибор қаратган.