Россия Олий суди “Мемориал” халқаро жамияти фаолиятини тугатди

Россия Олий суди 28 декабрь куни “Мемориал” халқаро жамияти фаолиятини тугатиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Озодлик радиоси рус хизматининг билдиришича, суд жараёнида Бош прокуратура "Мемориал" “Хориж агентлари” тўғрисидаги қонунни мунтазам равишда бузиб келганини билдирган.

Бундан ташқари Бош прокуратура вакили судда: “Ташкилот СССР террорчи давлат бўлган деган ёлғон тассаввурларни пайдо қилишга, нацист жиноятчиларни оқлаш ва реабилитация қилишга ҳаракат этган”,-деб билдирди.

“Мемориал” жамияти 1988 йилда тинчлик бўйича Нобель мукофоти соҳиби Андрей Сахаров, диссидент Сергей Ковалёв ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан ташкил этилган.

"Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази "Халқаро Мемориал" деб номланган йирикроқ халқаро тарихий ва таълим тузилмасининг бир қисмидир. Россия бўлимларидан ташқари, уюшма Украина, Белгия, Германия, Франция, Италия, Қозоғистон ва Чехиядаги марказларни ўз ичига олади.

Бугунги кунда "Мемориал" иккита асосий иш йўналишда иш олиб боради. Биринчиси тарихий бўлиб, у қатағонлар, СССРдаги сиёсий репрессияларни таҳлил қилиш ва давлат террори қурбонлари хотирасини сақлашга қаратилган барча лойиҳаларни ўз ичига олади.

Иккинчи йўналиш - инсон ҳуқуқлари.

2021 йилнинг 11 ноябрь куни Россия Бош прокуратураси “Халқаро Мемориал”ни “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунни “тизимли равишда бузганлик”, яъни “хорижий агент” тамғасини олишдан бош тортгани учун тугатиш талаби билан Олий судга мурожаат қилган эди.