Росфинмониторинг Meta ширкатини экстремист ва террорчилар рўйхатига киритди

Март ойида Москва туман Тверской туман суди Meta ширкати “экстремистик ташкилот” деб қарор чиқарган эди.

Росфинмониторинг Meta ширкатини экстремист ва террорчилар рўйхатига киритди. Бу ҳақда Росфинмониторинг сайтида маълум қилинди. Бу хабар тарқалиши ортидан юрист Павел Чиков ижтимоий тармоқларда прокуратура огоҳлантирувини эълон қилди. Унда Meta экстремист деб топилгани, мазкур ширкатга тегишли ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган постлар эса “экстремистик ташкилот фаолиятида иштирок этиш” сифатида талқин қилиниши мумкинлиги айтилади.

Март ойида Москва туман Тверской туман суди Meta ширкати “экстремистик ташкилот” деб қарор чиқарган эди. Суд қарорида зудликда ширкатга қарашли Facebook ва Instagram, тармоқларини блоклаш тўғрисида кўрсатма берилганди.

Россия расмийларига кўра, ширкат “Россия фуқаролари ва ҳарбийларига нисбатан куч қўллаш чақириқлари акс этган маълумотларни чоп этилишига йўл берган”. Бу ҳолат Meta айрим давлатларда рус ҳарбийларига нисбатан таҳдид ва куч қўллаш чақириқларини, шунингдек, Владимир Путин ва Александр Лукашенкога ўлим тилаган постларни ўчирмай қўйганидан сўнг юзага келган. Кейинроқ бу каби постларни ёзишга фақат Украина фуқароларига рухсат берилди.

Экспертлар фикрича, Meta ширкатининг “экстремистик ташкилот” деб эълон қилиниши бевосита Украинадаги уруш билан боғлиқ. Кремль ижтимоий тармоқларни блоклаш орқали аҳолини муқобил ахборот манбаларидан узиб қўйишни истайди.

Апрель ойида Meta раҳбари Марк Цукербергга Россияга кириш тақиқланган эди.