Жаҳон банки: Россиядаги мигрантлар Ўзбекистонга жўнатаётган пул миқдори 26 фоизга кўпайди

Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатаётган меҳнат муҳожирлари.

Жорий йилнинг охиригача ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари Россиядан жўнатаётган пул миқдори 7 миллиард 600 миллион долларга етади. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 26 фоизга кўпдир. 2020 йилда Россиядан пул жўнатмалари ҳажми 6,03 миллиард доллар бўлган эди. Бу ҳақда Жаҳон банки ҳисоботида қайд этилди.

Банкнинг таъкидлашича, меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга пул жўнатмалари ялпи ички маҳсулотнинг 11,6 фоизини ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич Грузияда 12,3 фоизни, Молдовада 15,2 фоизни, Қирғизистонда 27,8 фоизни ва Тожикистонда 30,1 фоизни ташкил қилади.

Ўзбекистон Марказий банки сентябрда мамлакатга 2021 йилнинг дастлабки саккиз ойида хориждан юборилган пул ўтказмалари ҳажми 4,9 миллиард долларни ташкил этгани тўғрисида билдирган эди. Пул ўтказмалари 2020 йилнинг мос даврига (3,6 миллиард доллар) нисбатан 35 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (3,9 миллиард доллари) нисбатан эса 26 фоизга кўпайган.