Миллий маданий марказлар учун ўтган йили қарийб 1,5 млрд сўмлик грант ажратилган

Ўзбекистондаги миллий маданий марказлар вакиллари мамлакатда ўтказиладиган байрамларда фаол иштирок этиб келадилар

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг давлат ижтимоий буюртмасига асосан 2020 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан Ўзбекистондаги миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларини қўллаб-қувватлаш учун 600 миллион сўм маблағ, шунингдек 1,45 миллиард сўмлик грант ажратилган. Бу ҳақда мазкур қўмита раиси Рустамбек Қурбонов 25 февраль куни АОКАда ўтказилган матбуот анжумани чоғида маълум қилди.

Мулозим ўзи раҳбарлик қилаётган қўмита шу кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган 147 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти ҳамда хориждаги ватандошларнинг 38 та жамияти билан ҳамкорлик қилаётганини қайд этган.

Унга кўра, яратилган қулай миллатлараро муҳит туфайли тожик, турк ва қозоқ миллатига мансуб аҳоли вакиллари томонидан ўтган йили 4 та янги миллий маданий марказ ва 2 та дўстлик жамияти ташкил этилган.

Маълумотларга кўра, шу кунда Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилиб келмоқда. Мамлакатда таълим 7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилади.