Минтақа сафарини якунлаган вазир Комилов Россияга йўл олди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йилнинг 1-2 март кунлари амалий ташриф билан Россияда бўлади.

ТИВ маълумотига кўра, Москвадаги музокаралар чоғида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон – Россия муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.

Икки давлат дипломатлари жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган олий ва юқори даражадаги қўшма тадбирлар жадвалини ҳам кўриб чиқадилар.

Аввалроқ ташқи ишлар вазири А. Комилов 17 ва 18 февраль кунлари Ўзбекистонга қўшни бўлган Туркманистон, Қозоғистон ва Тожикистонга, 23 февраль куни Афғонистонга, 27 февраль куни эса Қирғизистонга сафар қилиб, мазкур давлатлар президентлари қабули бўлгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.