Мирзиёев минтақа давлатлари хавфсизлик кенгашлари маслаҳатлашувини йўлга қўйишни таклиф қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаров билан.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтаётган Марказий Осиё давлатлари маслаҳатлашув кенгашида минтақа давлатлари хавфсизлик кенгашлари ва махсус хизматлар раҳбарларининг доимий маслаҳатлашувини йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.

“Бизнинг алоҳида эътиборимиз интернетдаги кўлами ортиб бораётган ноқонуний фаолият билан боғлиқ чақириқлар муаммоларига қаратилган. Бугунги кунда бу таҳдидларнинг чегараси йўқ – улар мобил телефонлар орқали кириб боради.

Афсуски, Ўзбекистонда сўнгги пайтларда рўй берган фожиали воқеалар бизнинг режаларимизни бузишга, минтақамизда тартибсизлик ва беқарорлик келтириб чиқаришга уринаётган бузғунчи кучлар борлигини яна бир бор тасдиқлади.

Шу муносабат билан биз минтақа давлатларининг хавфсизлик кенгашлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг ушбу соҳаларнинг барчаси бўйича мунтазам маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватлаймиз”,-деди президент Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти, шунингдек, минтақа давлатлари билан чегарадош ҳудудларда савдо-сотиқни ривожлантириш масаласига эътибор қаратди.

“Товарларни соддалаштирилган ва умумлаштирилган тартиб-қоидалар асосида етказиб беришни назарда тутувчи чегара олди савдо тизимини шакллантиришни таклиф қиламиз. Бунда учинчи давлатлардан олиб келинадиган қиммат импорт ўрнини ўз ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулотлари билан тўлдиришга аҳамият қаратиш лозим”, - деди Мирзиёев.

Иссқкўл вилоятининг Чўлпонота шаҳрида 20-21 июль кунлари Марказий Осиё давлатлари президентларининг маслаҳатлашув кенгаши бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон президентидан ташқари Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон иштирок этмоқда.

Марказий Осиё давлатлари президентларининг биринчи маслаҳат учрашуви Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилнинг март ойида Остона (ҳозирги Нур-Султон)да ўтказилганди.

Иккинчи учрашув 2019 йилнинг 29 ноябрь куни Тошкентда, учинчиси эса 2021 йил 6 августида Туркманистоннинг Аваз шаҳрида ўтказилган.