Ўзбекистон ва Венгрия 16 шартномани имзолади. Ядровий соҳада ҳамкорлик қилинади

Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан қўшма баёнот қабул қилди.

Ўзбекистон президентининг Венгрияга 3-4 октябрдаги ташрифи доирасида томонлар ўртасида 16 та шартнома имзолангани тўғрисида Мирзиёевнинг матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Виктор Орбан имзолаган Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнотда музокаралар дўстона, очиқ ва конструктив руҳда ўтгани қайд этилган.

Имзоланган шартномалар орасида 2023-2024 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур, фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар режаси каби ҳужжатлар бор.

Шунингдек, Ўзбекистон-Венгрия бизнес форумида умумий қиймати 1 миллиард доллардан кўпроқ бўлган шартномалар имзоланган.

Бундан ташқари Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ўзбекистонлик ҳамкасби Владимир Норов билан ўтказган музокаралар доирасида Ўзбекистон ва Венгрия ядровий энергетика соҳасида комплекс ҳамкорлик дастурини йўлга қўйишга келишиб олгани билдирилди.

Петер Сийяртога кўра, ядровий энергетика соҳасида комплекс ҳамкорлик дастури учта қисмдан иборат бўлади:

1. Ўзбекистонда қурилаётган АЭСда Венгрия совутиш тизимларидан фойдаланилади.

2. АЭС комплекс ҳамкорлик учун таълим асоси бўлади. Венгрия ҳар йили ўзбекистонлик олий ўқув юртлари талабаларига 170 та стипендия ажратади. Уларнинг бир қисми, ядровий энергетика соҳасидаги бўлажак инженер ва экспертлар Венгрияда тайёрланади.

3. Қиздирувчи унсурлар билан боғлиқ тадқиқот ва ишланмалар дастури йўлга қўйилади.

4 октябрь куни Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Шавкат Мирзиёев венгриялик ҳамкасби Каталин Новак билан учрашди. Президентлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.