Мирзиёев бош вазирга хаттотлик мактабларини ташкил этиш вазифасини топширди

Шавкат Мирзиёев ўтган йил февралида Ражаб Тоййиб Эрдўғон таклифи билан Анқара ташриф буюрган пайтда туркиялик хаттотлар иши билан танишганди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда араб ҳуснихати мактабини очишни таклиф қилди. Бу ҳақда у, Газета.uz хабарига кўра, ўтган ҳафта охирида Ислом цивилизацияси маркази қурилишини кўришга борган пайтда билдирган.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳуснихат мактаби йўқолиб бораётганига эътибор қаратган Мирзиёев бошқа мусулмон ўлкаларида, масалан, Туркияда хаттотлик санъати жуда ривожланганини урғулаган.

Шунинг учун менда, Абдулла Ниғматович (бош вазир Арипов назарда тутилмоқда – таҳр.), хаттотлик мактабини очиш таклифи бор”, деган Ш. Мирзиёев.

Президентга кўра, бу каби марказлар ижодий мактаблар ичида ташкил этилиши мумкин.

Агар биз бу мактабни яратмасак, бошқалардан орқада қолиб кетамиз… Ҳозир йирик илмий муассасаларни очяпмиз, тилларга муносабат ўзгаряпти… Чет элдан 3−4−5 йилга яхши хаттотларни олиб келиб, каллиграфия мактабини ташкил этиш мумкин”, деган Шавкат Мирзиёев.

Бунга жавобан бош вазир А. Арипов диний мактаблар, ўрта мактаблар ва Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида факультатив курлар очиш ва йилига камида бир марта танловлар ўтказишни таклиф қилган.