Мирзиёев Британиянинг янги қиролини табриклади, Норбоева ва Норов қиролликнинг Тошкентдаги элчихонасига таъзияга боришди

Британиянинг янги қироли Карл III

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллиги қироли Карл Учинчига унинг тахтга ўтириши муносабати билан табрик йўллади.

Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизматига кўра, мактубда “Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ўзаро ишонч ва юксак ҳурмат руҳидаги кенг қамровли шериклик келгусида ҳам изчил ривожланишига ишонч билдирилган”.

Бу орада 12 сентябрь куни Сенат раиси Танзила Норбаева ва ташқи ишлар вазири Владимир Норов Британиянинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюришиб, қиролича Елизавета II вафоти муносабати билан унинг оила аъзоларига ва Британия халқига Ўзбекистон халқининг ҳамдардлигини етказишган.

Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябрь куни Шотландиядаги қасрида 96 ёшида вафот этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Қироличанинг дафн маросими бугун ўтказилмоқда. Унинг ўрнига катта ўғли Чарльз Карл III номи билан қироллик тахтига ўтирган.