Мирзиёев Чўлпонотада Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан учрашди

Шавкат Мирзиёев Шарль Мишель билан (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 июнь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан учрашув ўтказди. Мазкур учрашув, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи саммити доирасида бўлиб ўтган.

Учрашувда икки лидер Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва минтақавий форматда амалий ҳамкорликни ривожлантиришга оид масалаларни кўриб чиқишган.

Хусусан, улар икки томонлама савдони диверсификация қилиш ва ҳажмини ошириш, “GSP+” имтиёзли савдо тизимининг амал қилиш муддатини узайтириш, самарали транспорт йўналишлари, энг аввало, Транскаспий транзит йўлагини ривожлантириш, “яшил” энергетика, инновациялар ва юқори технологиялар, рақамлаштириш, экология, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида тўхталишган.

Мирзиёев билан Мишель учрашув чоғида минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашишган, Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларни ва ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини давом эттириш муҳимлигини таъкидлашган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 июнь куни “Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қирғизистонга жўнаб кетган эди.

Аввалроқ Озодлик мазкур саммит арафасида ҳуқуқбонлик билан шуғулланувчи қатор ташкилотлар Европа кенгаши раиси Шарль Мишелни минтақа лидерлари билан учрашув чоғида инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақиргани ҳақида хабар қилган. Мишель Мирзиёев билан жума кунги учрашув пайтида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти мавзусини кўтариб-кўтармагани ҳақида ҳозирча бирор маълумот йўқ.