Мирзиёев Давлат бошқаруви академиясига маҳалла раислари ўқитиш ҳақида топшириқ берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Давлат бошқаруви академияси зиммасига маҳалла раислари ва мазкур тизимда иштирок этадиган барча ходимлар учун ўқувлар ташкил қилиш, бунинг учун махсус дастур ва қўлланмалар ишлаб чиқиш вазифасини юклади. Бу масала Мирзиёев раислигида 26 январь куни жорий йилда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш масалалари бўйича ўтказилан йиғилишда қўйилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мажлисда иқтисодий комплекс вакилларини маҳаллага тушириб, вертикал тизимни, барча органлар фаолиятини ўзаро мувофиқ йўлга қўйиш кераклиги таъкидланган.

Мирзиёев бу тизимга жалб қилинадиган мутахассисларнинг билим ва имконияти масаласига эътибор қаратиб, 20 мингдан ортиқ ходимни ўқитиб, уларга масалани жойида ҳал этиш бўйича барча ваколатларни бериш муҳимлиги қайд этган.

Йиғилишда ҳар бир раҳбарнинг мазкур тизимдаги шахсий масъулияти ва жавобгарлигини белгилаш, барча жараёнларга кўмаклашувчи онлайн электрон платформа яратиш зарурлиги таъкидланган.