Мирзиёев Фарғона водийси вилоятларидаги сайловчилар билан учрашади

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашиш учун 27 сентябрь куни Наманган вилоятига жўнаб кетди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, кейинги кунлари унинг Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳам сайловолди учрашувлари ўтказиши режаланган.

Мирзиёев водий вилоятларига сафари чоғида у ерлардаги корхоналар фаолияти, бунёдкорлик ишлари, маҳаллалар ҳаёти билан ҳам танишиши билдирилган.

24 октябрдаги сайловларда иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган 64 яшар Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ҳамда Самарқанд вилоятларига сафар қилган эди.